Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти директори, физика-математика фанлари доктори, профессор Эгамбердиев Шухрат Абдуманнопович Франциянинг АКАДЕМИК ПАЛЬМА ОРДЕНИ билан мукофотланди.
Унга АКАДЕМИК ПАЛЬМА ОРДЕНИ НИШОНДОРИ унвони берилгани ҳақидаги Фармонга Франция Премьер-министри 2015 йилнинг 1 январида имзо чеккан, профессор Эгамбердиев Ш.А. бу унвонга Ўзбекистон Республикаси ва Франция ўртасидаги астрономия ва астрофизика соҳасида илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси туфайли сазовор бўлди.
Профессор Эгамбердиев Ш.А. 1987 йилда штаб-квартираси Франциянинг Ницца Университетида жойлашган IRIS (International Research on the Interior of the Sun) халқаро дастур доирасида Ўзбекистонда Қуёшни глобал акустик тебранишларини тадқиқ этиш бўйича янги илмий йўналишга асос солди. IRIS лойиҳаси ва унинг бутун дунё бўйлаб жойлашган олтита тармоғи кўп йиллар давомида узлуксиз равишда Қуёшнинг глобал тебранишларини қайд этиш учун мўлжалланган. Салкам 20 йил мобайнида Эгамбердиев Ш.А. IRIS лойиҳасининг фаол аъзоси ва маълумотларни қайта ишлаш, калибровка ва таҳлил қилиш гуруҳининг раиси бўлди. Ўзининг юксак касбий маҳорати ва раҳбарлик қобилияти туфайли профессор Эгамбердиев Ш.А. илмий гуруҳи билан бирга жаҳоншумул муваффақиятларга эришди - Ўзбекистоннинг Қумбел тоғидаги IRIS станцияси олтита тармоқ ичида энг кўп кузатиш ўтказди ва бутун давр ичида IRIS лойиҳасининг маълумотлар базаси учун 40% га яқин материални тақдим этди.
Профессор Эгамбердиев Ш.А. жаҳон астрономик илмий жамоатчилик ўртасида катта нуфуз ва ҳурматга эга. У Халқаро Астрономия Жамияти ва Европа-Осиё астрономик Жамияти аъзоси. У 2002-2003 йилларда 28 мамлакат аъзо бўлган Осиё фанлар Академияси Бирлашмасининг Бош Котиби этиб сайланган.
Профессор Эгамбердиев Ш.А. ҳозирда ҳам Франциянинг етакчи астроном ва астрофизиклари билан дўстона илмий муносабатларни сақлаб келмоқда, бу мамлакат фани ва маданияти олдидаги юксак хизматларни ҳисобга олган ҳолда Франция ҳукумати юқорида тилга олинган орден билан тақдирлади.
Академик пальма ордени ўз тарихини 1808 йилнинг 19 мартида император Наполеон I Бонапарт уни ташкилот сифатида Париж Университети ва баъзи лицейларнинг академик ва профессорлари учун таъсис этган вақтдан бошлаган. Академик пальма ордени Франциянинг таълим ва фан соҳасида хизматлари учун бериладиган энг юксак нишонлардан бири ҳисобланади, унинг иккинчи номи Фаҳрий легион орденига ўхшаш, «Алвон ранг легион» деб аталади.
Ҳозирги вақтда Академик пальма ордени билан Франциянинг халқ таълимининг ривожланишига ҳисса қўшган ўқитувчилари ва ўқитувчилар жамияти аъзолари, шунингдек, Франция билан фан ва маданият соҳасида ҳамкорлик қилган чет эллик кишилар ҳам тақдирланиши мумкин.
Тақдирлаш маросими 2015 йилнинг 6 феврал куни Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси (Тошкент шаҳри) да бўлиб ўтди, профессор Ш.А. Эгамбердиевга Академик пальма орденини ва шу Орден Соҳиби ҳақидаги дипломни Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Жак-Анри Эльс тантанали суратда топширди.