Шермуҳаммад Аширов

Бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигини бир қисмидир. Зеро, киши ўзи яшаб турган жамиятнинг узвий аъзосидир. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва амалдир.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Яратган ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши зарурдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур!

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.

14 январь – Ватан ҳимоячилари кунидир. Бу байрамни тинчлик, хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда анъанага айланган. Бу байрамни кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам. Зеро, Она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду ҳуррамлик сиғади, байрамлар ярашади, дунё ободлиги давом этади.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобурлар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.

Мустақилликка эришиб, ўз армиямизга эга бўлиб, уни қадриятларимизга, анъаналаримизга мос равишда шакллантириб, қадр-қиммат тушунчасини ҳис қилаяпмиз, англаяпмиз. «…Армияни том маънода армия қиладиган, ҳар қандай мураккаб вазият ва синовлардан ёруғ юз билан чиқишига асос бўладиган, унинг жанговар қудрати ва ҳарбий маҳоратини юксалтирадиган куч, бу – армия сафларида хизмат қилаётган инсонлардир», деган эди Президентимиз. Мана шу фикрларнинг ўзида ҳам инсон манфаатига эътибор, демакки, қадр тушунчаларига ишора бор. Шу сабабли ҳам миллий армиямиздаги изчил ислоҳотлар давомида мамлакатимиз мудофаа қудратини оширишдаги кучга – унинг сафларидаги инсонларга эътибор қаратилди. Ўша 90-йиллардаги мураккаб иқтисодий қийинчиликлар шароитида ҳам ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимояси учун зарур моддий, молиявий манбалар топилди. Ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш йўлида муҳим ишлар амалга оширилди. Бир сўз билан айтганда, Ватан ҳимоячисининг қадри, қиммати қонун ҳимоясига, давлат муҳофазасига олинди.

Ҳаётини армиясиз тасаввур эта олмайдиган, ҳарбий хизматни Ватани, халқи олдидаги муқаддас бурч, деб биладиган мардлар мустақиллик йилларида муносиб тақдирланиб келинмоқда. Буни биз ҳар йили Ватан ҳимоячилари кунида, Мустақиллик байрами арафасида мамлакатимизнинг миллий хавфсизлигини, чегараларимизнинг дахлсизлигини таъминлашда, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашда мардлик, жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган кўплаб ҳарбий хизматчиларнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланаётганлиги мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Давлатимиз раҳбарининг Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган ҳарбийлар Ўзбекистоннинг фахри, ишончи ва суянчи эканлиги ҳақидаги фикри ҳам Ватан ҳимоясини касб қилган мардларнинг давлатимизда, жамиятимизда қанчалар қадрланаётганига мисолдир. Катта лейтенант Шермуҳаммад Аширов ана шундайлардан биридир.

Шермуҳаммад Аширов 1975 йил 23 январда Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Халқобод қўрғонида туғилган. Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртининг илк битирувчиларидан бири. 2000 йил Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида бўлган жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлган. II-даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган.

Пойтахтдан чиққан машина узоқ йўл босиб, Янгийўл тумани Соҳибкор кўчасига бурилганда, ҳамроҳим биздан юз метрлар нарида кетаётган уч аёлни кўрсатди. «Ҳасса тутган аёл Шермуҳаммаднинг онаси», деди у. Орқа ўриндиқдан зеҳн солиб қарайман. Ҳаётнинг гоҳ қувончли, гоҳ ташвишли кунларини бошидан ўтказган уч она секин қадамлар билан кетиб борарди.

Дарвоза яқинида машинадан тушдик. «Ассалому алайкум, яхши юрибсизми?» Мунисхон ая ҳассага таяниб, елкамизни қоқиб қўйди. Маҳалламизда бир одам оламдан ўтибди, шуникида фотиҳа қилиб келяпмиз, дейди. Йиллар ва шердек ўғлидан айирган қазо қолдирган асорат онанинг қадам босишидан яққол кўзга ташланади. Улар билан бирга ҳовлига кирдик.

Узум, гилос экилган чоғроққина ҳовлида икки сўри – бири дарвозахонада, иккинчиси валиш тагида. Оддий ўзбек хонадони. Она набирасига тахмонни буздириб, сўрига янги кўрпачалар солдирди. Меҳмон атойи худо.

Одатга кўра сўрашганимиздан кейин қўшни Бону хола сўз бошлади:

– Шермуҳаммадни охирги марта кўрганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳарбий кийимда кўчани тўлдириб ўтувди, алп йигит эди ўзиям...

Руқия хола қўшнисининг гапини давом эттиради:

– Қувноқ, дилкаш бола эди. Унинг гапларидан роҳатланардик, ҳечам қовоғини солиб юрмасди.

Мунисхон аянинг нур ёғилиб турган юзига разм соламан. Истарали. Билмадим хаёллари қаерда юрибди. Кўзлари жиқ-жиқ ёш, салгина ўринсиз сўз ҳам уни дув-дув тўкиши мумкин. Сўз тополмайман. Аянинг ўзи гап бошлайди:

– Кенжатойимнинг юришига ҳам, кийинишига ҳам ҳамма ҳавас қиларди. Уйимиздан дўстлари аримасди. У болалигида учувчи кийимини кийиб суратга тушган. Учувчи бўлиш истаги болагинам юрагида ана шунда пайдо бўлган, – деб набирасини чақиради. – Амакингни суратини опчиқ, болам. Аслида раҳматли дадаси учувчи бўлишни орзу қилган эканлар. Шунинг учун ўғлимга фақат ёрдам бердилар.

Бир куни ҳеч уйқим келмади, у томонга ёнбошлайман, бу томонга ёнбошлайман, қани энди кела қолса уйқу дегани. Ҳамма ухлаган. Бир пайт кўзим илинган экан, «Шермуҳаммад!» деб бақириб юбордим. Нимага? Нима учун? Билмайман. Шунда ўғлим... узилган экан, эртасига билдим буни...

Дастурхон атрофида ўтирганлар кўзёшларини артишади. Мавзуни ўзгартираман. Ҳовлидаги дарахтларни кўрсатиб:

– Буларнинг қайси бирини Шермуҳаммад эккан? – дейман.

– Булар ундан кейин экилган.

– Бир йили кўчага шафтоли эккан эди, – деб эслайди Бону хола. – Ҳосили зўр бўлди, мана шу пиёладан ҳам катта-катта бўлди. Уйланаётганда тўйга келганларнинг ҳаммаси дуо қилиб еди уни...

Умри ҳам шафтолининг умридек қисқа экан. Унинг мазаси одамлар оғзида қолганидек, Шермуҳаммаднинг ҳам эл-юрт тинчлиги йўлидаги қаҳрамонлиги ва жасорати халқимизнинг ёдида қолди. Нақадар қизиқ ўхшашлик. Хаёлдан шунақа гаплар ўтди.

Қўшниларнинг бири Самарқанд шевасида, иккинчиси эса водий шевасида гапиришади.

Руқия хола:

– Илҳомим билан яхши чиқишарди, ҳамиша бирга юрарди. Уларни ажратиб бўлмасди.

Бону хола:

– Қизим билан бирга ўқиган, унга ҳазиллашиб «Сундуқ китоб бер» дерди. Бизникига китоб сўраб кўп чиқарди.

Руқия хола:

– Далада юрганда ҳам қўлтиғида китоб бўларди Шер раҳматлининг.

Мунисхон ая:

– Дадаси от олиб берганди. От жону дили эди... Ишига жудаям меҳр қўйганди. Бир куни таътилга келганида онаман-да, чарчаб, қийналяпти деб ўйладим. «Болам, ҳадеб иш-иш деяверасанми? Сен ҳам бундай мазам йўқ деб ёки бирор нимани баҳона қилиб, ҳар замон дамингни ол», десам, Шер ўғлимнинг гапини қаранг. «Ая, менга ҳамма нарсани ўргатдингизу фақат мана шуни, ёлғон гапиришни ўргатмадингиз. Мана шундан дарс бермагансиз-да, энажон» дейди. Ана шундай бир дунё эди болагинам.

Суҳбат қизиди. Шермуҳаммаднинг январда туғилгани, бироқ ўша кун баҳор ҳавосидек илиқ бўлгани, отасининг агар яна бир ўғлим бўлса, унга Пурмуҳаммад деб исм қўяман деб ният қилгани, жияни Эрмуҳаммаднинг ҳозир аскар бўлиб хизмат қилаётгани, унинг келажакда амакиси сингари ҳарбий учувчи бўлиши, кўпчилик қўшниларнинг 1920-30 йилларда водийдан шу ерларга «қулоқ» қилингани, касб-кор, боғ-роғ, тириклик ва тирикчилик, тинчлик ва нотинчлик ҳақида, қисқача айтганда, ҳаёт ҳақида гаплашдик.

Онаизор ҳассага ишора қилди:

– Мана шунга суяниб қолдим болам. Шундай, йиқилиб кетаётгандек, бўламан, ичим куйган болам, ичим...

Ҳаяжон гапиргани қўймайди. Бироз тин олиб, гапини давом эттиради:

– Эр йигит элнинг боласи-да, тинчлик ва осойишталикни шулар сақлаяпти-да... Ўғлимдан мингдан минг розиман, умри қисқа бўлса-да, чақмоқдек яшади, тиним нима билмади. Ҳалигача дўстлари, сафдош ўртоқлари келиб туришади. Қандай хизмат қилганини, мендан йироқда бўлганида нималар қилганини шулар гапириб беришади... Бир орзуим бор: ўғлим ўқиган жойларни бир кўрсам, у юрган йўлларда юрсам, устозлари билан гаплашсам... армоним йўқ эди.

Онахонлар билан хайр-хўшлашиб дарвоза томон юрамиз, илтимос қўзғалманг, дейишимизга қарамай улар ортимиздан чиқиб, дуо қилиб қолишди.

Кўчада кузнинг заъфарон рангги яна бир йил якунланаётганидан дарак берарди. Шермуҳаммадсиз яна бир йил.

Биз отасининг армонини рўёбга чиқарган мард йигитнинг дўстлари, устозлари томон ошиқдик.

ШЕРМУҲАММАДНИНГ...

Биринчи ўқитувчиси

Роза АБДИЕВА:

– Аълочи ўқувчиларимдан эди. У билан ҳамиша фахрланаман. Оғир, вазмин, меҳрибон ўқувчим бир нимани мақсад қилса, шунга эришмасдан қўймасди. Ҳақиқий ватанпарвар эди, ёлғонни эшитса чидаб туролмасди, ҳақиқат учун жон куйдирарди ҳамиша. Мактабга ишга келганимда илк бор у ўқиётган синфга раҳбарлик қилганман. Ҳозир ҳам кўз олдимда турибди, тўртинчи партада ўтирарди. Бир куни, болалар қани ҳис-ҳаяжон гапга ким мисол келтиради, десам, у қўл кўтариб жавоб берди. «Яшасин 8-март ва онажонларимиз!» деди баралла. Ҳамма кулиб, қарсак чалиб юборди.

Синфдоши Мукаррам ЮСУПОВА:

– У билан бир партада ўтирардим. Она тили ва адабиёти, айниқса, тарих ва география фанига жуда қизиқарди. Синфдошларимиз бирор нимани тушунмаса, биринчилардан бўлиб ёрдам берарди. Билмаган нарсаси йўқ эди унинг. Биз уни исми билан эмас, «Полвон» деб чақирардик. Чунки ўқишда ҳам, жамоат ишларида ҳам, синфдош қизларни ҳимоя қилишда ҳам полвон эди-да асли. Курсантлик даврида ҳам, кейин ҳарбий хизматни ўтаётганда ҳам таътилга келганида албатта бизни, синф¬дошларни тўпларди, дўстларимиз орасидаги мустаҳкам ришта эди.

Тарих фани ўқитувчиси

Муҳаббат ТУРҒУНБОЕВА:

– Шермуҳаммад ҳар доим, ҳар он ёдимизда. Мактабимиз унинг номи билан аталган. Дарс вақтида саркардалар ҳақида, айниқса, мўғулларга қарши курашган Жалолиддин Мангуберди ҳақида кўп савол берарди. Мактабни битираётганда қайси касбни эгаллаши тўғрисида сўраганимизда мен улуғларимиз каби юртимизни кўз қорачиғидек асрайман, ҳарбий учувчи бўламан, жонажон, гўзал Ватанимизни осмон узра кўрсам, дерди ҳаяжон билан. Бунақа йигитлар камдан-кам туғилади, менимча. Курсантлик вақтида ташаккурномалар олганини эшитганимизда биз ҳам кўп қувонганмиз.

Шермуҳаммаднинг курсдоши ва яқин дўсти, подполковник Шерали Чориев:

– Шермуҳаммад мард йигит эди, – У менинг ишончли, суянган дўстим эди. Отрядимиз бир жойга тўпланганда, у бизга шеърлар ўқиб берарди. Уни инсоний фазилатлари ва юксак касб малакаси учун жуда ҳурмат қилардик. Хушчақчақ, дўстларига ёрдам қўлини чўзадиган, билимга чанқоқ, чин маънодаги ватанпарвар бу курсдошимизнинг инсоний фазилатларини, юксак билими ва туғма истеъдодини ҳозиргача қадрлайман, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатаман. Курсантлигимизда қидириб топа олмаган китобларни ундан олардик. Китоблари жуда кўп эди. Унинг шахсий кутубхонаси ҳаво навигацияси, аэродинамика, учиш қоидалари тўғрисидаги дарсликлар, Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров каби шоир ва ёзувчиларнинг китобларидан иборат эди. Фавқулодда иқтидори, жиддийлиги, тиришқоқлиги билан йўриқчи офицерларнинг мақтовларига кўп бор сазовор бўлган.

Халқобод Қишлоқ Фуқаролари Йиғини раиси

Жўрабой Ишонқулов:

– Қишлоғимиздан чиққан биринчи ҳарбий учувчи Шермуҳаммад Аширов ўғлим билан синфдош эди. Раҳматли отаси Эргашали ака ҳам, бобоси Аширали ота ҳам ўқитувчи, элнинг ҳурматли кишиларидан эди. Зиёли оилада вояга етиб, тинч ва осойишта ҳаётимизни, мустақиллигимизни асраш йўлида азиз жонини аямаган бу ўғлимиз жасоратини ҳамиша ёшларга ўрнак қилиб айтаман. Ҳа, бугунги замон ҳар биримиздан огоҳ ва сергак бўлишни талаб қилмоқда. Чунки Ўзбекистон биз учун ҳар недан азиз ва мукаррамдир.

Онаси Мунисхон опанинг нигоҳларидан руҳан тушкунлиги, юрагидан ҳали қайғу аримагани сезилиб турарди. Аввал ўғлини, кейин турмуш ўртоғини йўқотишдек оғир жудоликка ҳамма ҳам бардош беравермайди.

Ашировлар оиласида беш фарзанд бўлган: Нурмуҳаммад, уч қиз ва кенжа ўғил Шермуҳаммад. Улар мактабда аъло баҳоларга ўқишган. Нурмуҳаммад оиланинг улуғлари изидан бориб, шарафли ўқитувчилик касбини танлади. Бугунги кунда у Янгийўл туманидаги 19-умумтаълим мактабида директор ўринбосари бўлиб ишламоқда.

– Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ Шермуҳаммад адолат учун курашарди, тенгқурлари орасида етакчи бўлган, – дея гап бошлади Нурмуҳаммад ака. – У билимга чанқоқ эди, тарихга жуда қизиқарди. Хонамизда кўплаб китобларнинг тартибсиз ётгани худди кечагидек эсимда. Биз далага ишлаш учун кетганимизда у китоблардан айрилмасди. Мактабда, кўчада ёки уйда у ҳамиша ўқиганлари тўғрисида бизга гапириб берар, фикр алмашар, кўп баҳслашарди, лекин ҳамиша ўз фикрини ҳимоя қила оларди. Бир куни, синфдошларининг айтишича, укам тарих ўқитувчиси билан узоқ баҳслашиб қолган ва уни ўз фикрига ишонтира олган. Буни қарангки, бир неча йил ўтиб, укам шу ўқитувчисининг қизига уйланди. Умри қисқа бўлса-да, бахтли турмуш кечирди. Уларнинг Маҳмуда исмли қизчаси бор. Қизалоқ укамнинг худди ўзи.

Нурмуҳаммад ака Шермуҳаммаднинг қизи Маҳмуда ҳақида гапиради. «Худди отасига ўхшайди, оқила қиз. Укамнинг фарзанди, менинг ҳам болам, унинг бахти бутун бўлиши учун ҳеч нимани аямайман», дейди.

– Турмуш ўртоғим ҳам ёшлигида ҳарбий учувчи бўлишни орзу қилган, – дейди Шермуҳаммаднинг онаси Мунисхон опа. – Лекин унинг бу орзуси амалга ошмаган. Отасининг орзусини ўғли рўёбга чиқарди. У 4-5 ёшидаёқ учувчи бўлишни орзу қилишини айтарди. Уйимизда ҳатто ўғлимнинг учувчи бош кийимида тушган фотосурати ҳам бор. Шермуҳаммад ёшлигидан интилувчанлиги билан ажралиб турар, қийинчиликлардан қўрқмасди. Доимо жонкуяр эди, хўжалик ишларида менга ёрдам берарди.

– Авиация билим юртига ўқишга кирган йилларида бизнинг унча катта бўлмаган ер участкамиз бўларди, биз у ерда сабзавот экинларини парваришлардик, – дейди Нурмуҳаммад ака. – Ҳар йили таътилга келган Шермуҳаммад дам олмай, хўжалик ишларига ёрдамлашиш учун ер участкамизга кетарди. Далада кечаси тунаб қолган кезларимизда у менга ўзининг курсантлик ҳаётидаги қизиқарли ҳикоялардан сўзлар, аэродинамика, вертолётнинг тузилиши тўғрисида батафсил маълумотлар берарди. Гап орасида ҳазиллашишни ҳам унутмасди. 90-йилларнинг бошларида Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга кирган Шермуҳаммад у ерда кўплаб инсонлар билан танишди. Мазкур билим юртида укам мамлакатимизнинг турли жойларидан келган курсантлар билан дўстлашди. Улар ҳозиргача бизникига келиб туришади.

Абдулҳамид аканинг мана бу сўзларига қулоқ тутинг:

– Тўқсон нечанчи йиллар эди ёдимда йўқ. Кўчамиз чорраҳасида уч-тўрт ўзим тенггилар билан тепамиздан учиб ўтган самолётнинг қандай қўниши ҳақида баҳслашиб қолдик. Униси ундай дейди, буниси бундай. Шу пайт узоқдан Шер кўринди. Худонинг ўзи етказди, дедим. Таътилга келаётган экан, биз билан қучоқ очиб кўришди. Баҳсимизни эшитиб, эринмасдан самолётнинг қай тартибда қўнишини, ҳаво қаршилиги, шунга мутаносиб равишда қанотларнинг ҳаракати… барчасини бир қошиқ луқмадек тушунтирди, қўйди. Шундоқ дарвозасининг тагида турибмиз. Чамаси ўн-ўн беш дақиқалар ўтди. «Кечирасиз, онам билан кўришиб чиқай, кейин яна давом эттирамиз», дейди кулиб. Гаплари ширали эди.

Шермуҳаммад Ашировнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлганига ўн беш йилдан ошди. Бироқ, бугун ҳам Ашировлар хонадонидан унинг дўстлари, курсдошлари ва хизматдошларининг қадами узилмайди. Улар Шермуҳаммадни, аввало, ўз Ватанининг жасур ҳимоячиси сифатида хотирлашади. Халқимиз тинчлиги ва осойишталиги учун ўз жонини қурбон қилган ўғлонлар ҳеч қачон унутилмайди. Улар ҳамиша хотирамизда яшайди.

Сайтидаги ўзгаришлар
Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год;Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год;Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Доба