Спорт гимнастикаси бўйича Олимпия чемпиони, Осиё ўйинлари ва "Жаҳон юлдузлари" халқаро мусобақасининг совриндори. Оксана Чусовитина Гиннес рекордлар китобида қайд этилган.
Оксана Чусовитина 1975 йилнинг 19 июнида Бухорода туғилган. Спорт гимнастикаси бўйича Олимпия чемпиони, Осиё ўйинлари ва "Жаҳон юлдузлари" халқаро мусобақасининг совриндори. «Дўстлик» ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвони билан тақдирланган.
Оксана Чусовитина 7 ёшидан бошлаб гимнастика билан шуғулланган. Ноёб иқтидори, тиришқоқлиги билан мутахассислар назарига тушган ва 1986 йили Тошкентдаги республика олимпия ўринбосарлари билим юртига таклиф этилган. Бу масканда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Светлана Кузнецовадан гимнастика сирларини қунт билан ўрганган.
Мамлакат чемпионатларида кетма-кет муваффақият қозонгач, 1990 йили у терма жамоа сафига чақирилди. Ўтган ўн йил давомида дунёнинг энг сара гимнастикачилари иштирокидаги барча нуфузли мусобақаларда иштирок этди ва уларнинг кўпчилигидан совринлар билан қайтди.
1992 йили Барселона Олимпиадасида жамоа таркибида олтин, 1994 йили Осиё ўйинларида 2 та бронза, 1995 йили жаҳон кубогида битта олтин ва 2 та бронза, 1997 йили "Жаҳон юлдузлари" халқаро мусобақасида 2 та кумуш медални қўлга киритган.
Спорт гимнастикасида узоқ, йил мусобақаларда муваффақиятли қатнашиш спортчидан катта ирода ва жасорат талаб қилади. Оксана ана шундай матонатли спортчиларимиздандир.
Оксана Чусовитина Олимпия ўйинларида етти бор қатнашган Ўзбекистонлик ягона спортчидир.
Ўзбекистон спортини ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Оксана Чусовитина Ватанимизнинг "Дўстлик" ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган.