Мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида Грузиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Константин Жгенти “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида республикамиз суверен тараққиёт йиллари давомида эришган кенг кўламли муваффақиятлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашгани баробарида ушбу қутлуғ юбилей санаси муносабати билан халқимизга ўзининг самимий табрикларини ҳам изҳор этди.
- Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилиши соҳасида қўлга киритган муваффақиятлари ҳамманинг кўз ўнгида турибди. Сайловлар сингари муҳим тадбирларнинг ўтказилиши ҳам бунинг тасдиғи бўла олади. Бўлиб ўтган сайловлар натижалари мамлакат раҳбариятининг ҳуқуқий демократик давлат қуришга йўналтирилган стратегиясини Ўзбекистон халқи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини кўрсатди.
Шуниси ҳам муҳимки, республика пахта етиштириш ҳажмини қисқартириб бошқа тармоқларни ривожлантиришга ўтиш, юқори технологияга асосланган саноат ишлаб чиқариши, инфратузилма ва хизмат кўрсатиш соҳаларини тараққий топтириш, яъни иқтисодиётни диверсификациялаш йўлидан бормоқда. Ижтимоий соҳага йўналтирилаётган сармояларнинг ҳажми ҳам ошди.
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар натижасида қўлга киритилган муваффақиятларни ҳам тилга олмаслик мумкин эмас. Мамлакат раҳбариятининг миллий агросаноатни ривожлантириш, ўзини-ўзи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга йўналтирилган сиёсати жуда самарали бўлди.
Мустақилликка эришилганидан буён ялпи ички маҳсулот барқарор равишда ўсиб бормоқда. 2000-йилларнинг ўрталаридан иқтисодиёт изчил ўсиш суръатига эришди. Жаҳон банки маълумотларида қайд этилганидек, 2007-2014 йилларда унинг ўсиш суръатлари ўртача 8,4 фоизни ташкил этди.
2015 йил сентябрида Халқаро валюта жамғармаси кейинги йилларда ўзбек иқтисодиёти “барқарор ўсиш” касб этаётганини маълум қилгани ҳолда ҳукумат оқилона иқтисодий сиёсат юритаётгани, “валюта захираларининг етарли даражасини, бюджет соҳасидаги мустаҳкамлик захираси ва давлат қарзининг паст кўрсаткичини” таъминлагани ҳақидаги ижобий фикрларни баён этди.
Хусусий тадбиркорлик ва хорижий инвестициялар жалб этилишини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистон қулай ишбилармонлик муҳитига эга бўлди.
Оила, ота-она ва болаларга ғамхўрлик муносабати Ўзбекистонда анъана сифатида алоҳида ўринга эгадир. Жорий йил Президент Ислом Каримов ташаббускорлигида ҳаётга тадбиқ этилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ана шу анъананинг инъикоси ҳисобланади. Ишончим комилки, бу дастурнинг амалга оширилиши оила институтини мустаҳкамлабгина қолмай, соғлом ва баркамол, кучли авлодни тарбиялашга ҳам кўмаклашади.
Грузинлар ҳам ўзбек халқи сингари толерантлик ва инсонсеварлик анъаналари билан ҳамиша фахрланишган. Грузиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида фаолият кўрсатаётганимга кўп вақт бўлгани йўқ, бироқ бундай эзгу анъаналари билан жамиятингиз бошқаларга намуна сифатида хизмат қилиши мумкинлигига бўлган ишончим кун сайин ортиб бормоқда.
Ўзбекистон раҳбариятининг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсати туфайли мамлакат мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлабоқ халқаро муносабатларда муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Давлатингиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва дунё ҳамжамияти қўллаб-қувватланган халқаро аҳамиятга молик муҳим ташаббуслар бу фикрни тасдиқлайди.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистон бутун Марказий Осиёнинг геосиёсий марказидир. Минтақадаги ҳеч бир жиддий муаммо стратегик жиҳатдан қулай жойлашган ва сиёсий жиҳатдан аҳамиятли мамлакат бўлган Ўзбекистоннинг иштирокисиз ҳал бўлмайди.
Грузия ва унинг халқи Ўзбекистон билан алоҳида дўстона муносабатларга эгадир. Мамлакатимиз ташқи сиёсатида икки томоннинг фикрлар хилма-хиллиги мавжудлигини ифодалайдиган қандайдир муҳим банд йўқ. БМТ Низомида муҳрлаб қўйилган тамойиллар бизнинг ҳамкорлигимиздаги асосий замин ҳисобланади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан буён икки томонлама алоқаларимиз жуда барқарор ривожланмоқда, айниқса, сўнгги икки йил алоҳида муваффақиятли бўлганини таъкидлаш мени хурсанд қилади. Биргина темир йўлларимиз ва Поти бандаргоҳимиз орқали Ўзбекистондан Европага ва бошқа мамлакатларга товарларнинг транзити 7 баробарга кўпайгани бу фикрнинг тасдиғи бўла олади.
Шу билан бирга, бу давр ичида Ўзбекистон - Грузия ҳукуматлараро комиссиянинг учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар ўзаро иқтисодий ва савдо соҳасидаги муносабатларнинг бундан кейинги ривожи билан боғлиқ режаларни ишлаб чиқдилар.
Ўзбек ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда республикада ўтказилган грузин киноси ҳафталигида мамлакатимизнинг таниқли актёрлари иштирок этишди. Бу йил Шарқнинг қадимги қўлёзмаларини тадқиқ этиш мақсадида Грузия ва Ўзбекистон шарқшунослари ўртасида ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш учун биринчи қадамлар ташланди.
Ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда, Грузия ҳукумати ва халқи номидан дўст Ўзбекистонга ва унинг аҳолисига янада катта муваффақиятлар, бардавом тинчлик ва фаровонлик тилайман.