Мустақиллик майдонидаги Эзгулик аркаси қуриб битказилди
2005-09-01
Истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида азим пойтахтимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари самарасида Тошкент шаҳри кундан-кунга чирой очиб, яшнаб бормоқда.
Айниқса, Мустақиллик майдонида олиб борилган яратувчилик амаллари ушбу сўлим ва улуғвор майдоннинг нафақат манзарасини, айни чоғда мазмун-моҳиятини ҳам тубдан ўзгартириб юборди.
Ҳалқимизнинг озод ва обод ҳаёт, эркин ва фаровон келажак барпо этишдек улуғвор интилишларини теранроқ ифодалаш, ёшларимизнинг маънавий оламини эзгу ғоялар асосида шакллантириш ва камол топтириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан 2005 йили Мустақиллик майдонида Эзгулик аркаси бунёд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан чуқур ва кенг маъно-мазмуни билан барчамиз учун азиз бўлган муқаддас қадриятларни ўзида мужассам этган ушбу мажмуага ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи – Мустақиллик ва эзгулик монументи, деб ном берилди.