Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар - Шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлари
2014-08-01
Шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлари – Исломбек ва Жавоҳир Синдоровларга Президентимиз совғаси топширилди.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида бўлиб ўтган тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор самарасида мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган баркамол авлод вояга етаётгани таъкидланди.
Бу ёш иқтидорли болаларнинг халқаро майдонларда эришаётган юксак ғалабалари барчамизни қувонтиради. Яқинда Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ёш шахматчиларимиз Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар иккитадан олтин медални қўлга киритгани ҳамюртларимиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдирди.
Жавоҳир тўрт ярим ёшидан шахмат билан мунтазам шуғулланади. У шахматчи сифатида халқаро майдондаги дастлабки ғалабасига 2012 йили Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида эришди. 7 ёшгача бўлган ўғил болалар мусобақасида блиц турнирда олтин, классик шахмат бўйича кумуш медалга сазовор бўлди. 2013 йили Эронда шахмат бўйича 18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Унинг укаси Исломбек эса болалигидан ўзининг алоҳида салоҳиятини кўрсата олди. У 2012 йили Ҳиндистонда бўлиб ўтган қитъа биринчилигида 5 ёшгача шахматчилар ўртасида кумуш медални қўлга киритди. “Ақл гимнастикаси” сир-асрорини тобора пухта ва жуда тез ўзлаштираётган И.Синдоровнинг ўйин услуби бугун кўплаб мухлису мутахассислар эътиборида. Чунки у тез ва тўғри қарор қабул қилади, партияда ҳар қандай мураккаб вазият юзага келса ҳам фақат ҳужумга зўр беради. Исломбекнинг ҳужумкор ўйин тактикаси 2013 йили Эрондаги Осиё чемпионатида бирйўла учта олтин медални қўлга киритишида муҳим аҳамият касб этди.
Жавоҳир ва Исломбек яқинда Грецияда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, халқаро миқёсдаги ғалабалари тасодиф эмаслигини яна бир карра исботлади. Нуфузли мусобақанинг етти ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида иштирок этган Исломбек Синдоров рапид бўйича тўққиз турнинг барчасида ғалаба қозонди, блиц турнирда саккиз очко билан биринчи ўринни эгаллади ва жаҳон чемпионатининг иккита олтин медалига сазовор бўлди. Жавоҳир Синдоров тўққиз ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ҳар икки йўналишда ҳам мағлубиятсиз дона суриб, тўққиз имкониятдан саккиз очкодан жамғарди ва у ҳам иккита олтин медални қўлга киритди.
Жаҳон чемпионати ғолиблари Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар Президентимиз Ислом Каримов томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий компьютерлар билан тақдирланди. Уларнинг ота-онасига замонавий LCD телевизори берилди. Президентимиз совғаларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов топширди.
– Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Рустам Қосимжоновга ҳавас қиламиз, – дейди Жавоҳир Синдоров. – Президентимизнинг совғаси бизни янада юксак марралар сари руҳлантиради, катта куч бағишлайди.