Мамлакатни 2012 йил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари
2012-12-31
2012 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш натижасида иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатлари, макроиқтисодий мутаносиблик, аҳоли ҳаёт даражасининг барқарор ўсиши ва мамлакатнинг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш таъминланди.
Глобал иқтисодиётда жиддий муаммолар сақланиб қолаётганлигига қарамай, 2012 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш натижасида иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатлари, макроиқтисодий мутаносиблик, аҳоли ҳаёт даражасининг барқарор ўсиши ва мамлакатнинг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш таъминланди.
Ялпи ички маҳсулот 8,2 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми – 7,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми – 7 фоизга, пудрат қурилиш ишлари ҳажми – 11,5 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми – 13,9 фоизга ўсди. Инфляция суръатлари режалаштирилган даражада сақланди ва 7 фоиздан ошмади.
Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Ижтимоий соҳани ривожлантиришга барча харажатларнинг 59,2 фоизи йўналтирилди. Бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар бир йилда ўртача 26,5 фоизга, аҳолининг реал даромадлари эса – 17,5 фоизга ўсди.
Ялпи ички маҳсулотга нисбатан 22,9 фоизни ташкил этган асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг ошиб бориши иқтисодиёт ўсиши барқарор юқори суръатларининг ва унинг тузилмаларини диверсификациялашнинг асосий манбаи бўлди. 11,7 миллиард долларга тенг миқдорда ёки 2011 йилдагига қараганда 14 фоиз кўп инвестициялар жалб этилди. Барча инвестицияларнинг 22 фоиздан ортиғини ёки 2,5 миллиард доллардан ортиқни хорижий инвестициялар ташкил этди, улардан 79 фоиздан ортиғи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Барча инвестицияларнинг 74 фоизга яқини ишлаб чиқариш қурилишига йўналтирилди. 205 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди.
Экспорт ҳажми 11,6 фоизга ўсди, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 1,12 миллиард доллардан ортиқ миқдорда таъминланди. Экспорт таркибида хом ашё бўлмаган тайёр товарлар экспорти 70 фоиздан ортиқни ташкил этди.
Молия-банк тизими барқарор ишлаб, 2012 йилда унинг жами капитали 24,2 фоизга, депозитлар ҳажми – 31,5 фоизга, шу жумладан аҳоли депозитлари – 34,6 фоизга кўпайди. Банкларнинг инвестиция мақсадлари учун ажратилган узоқ муддатли кредитлари ҳажми 30,7 фоизга кўпайди.