Мамлакатимизда миллий қадриятларимизни тиклаш, халқимизга хос бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат каби юксак фазилатларни улуғлаш, аҳоли, айниқса, навқирон авлод онги ва қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда, биринчи навбатда, ўтганларни хотирлаш, уларнинг жасорат ва садоқатга йўғрилган ҳаёт йўлини ибрат мактаби сифатида улуғлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бугунги тинч-осойишта ва обод турмушимизни таъминлашда фаол иштирок этган кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида жойларда уруш қатнашчилари, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига моддий-маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам бу борада турли тадбирлар ўтказилаётир. Мустақиллик йилларида хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасорати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, халқимиз доимо ёд этмоқда.
Майор Зуҳриддин Ғуломов ўзига юклатилган ҳар қандай топшириқ ва вазифани шараф билан уддаларди. Умрининг охирига қадар юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини асраш йўлида сидқидилдан хизмат қилди. Энди 30 баҳорни қарши олган бувайдалик ўғлон Ватанимиз сарҳадлари ҳимояси йўлида азиз жонини фидо этди.
Хотира ва қадрлаш куни олдидан Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари кенг жамоатчилик вакиллари билан Зуҳриддин Ғуломов хонадонида бўлиб, оила аъзоларига совғалар топширди.
– Хизмат бурчини ўташ чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган чегара қўшинлари офицери Зуҳриддин Ғуломов ўзидан унутилмас ном қолдириб кетди, – деди подполковник Р.Ражабов. – Ватанпарварлиги, оилапарварлиги билан ҳамкасбларига ўрнак эди. Сўнгги нафасигача ўз қасамёдига содиқ қолди, ҳақиқий чегарачи эканини исботлади.
Яқинда Чегара қўшинлари офицери, майор Зуҳриддин Ғуломовнинг жасорати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, “Жасорат” медали билан мукофотланди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил”, “Ўзбекистон Республикаси МХХ Чегара қўшинларига 25 йил” эсдалик нишонлари билан тақдирланди. Ушбу мукофотлар унинг оила аъзоларига топширилди.
– Она учун жигарбандини тупроққа қўйишдан оғир мусибат йўқ, – дейди Муҳаррам Ғуломова. – Хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ўғлим Зуҳриддинжоннинг номини абадийлаштириш, унинг жасоратини қадрлаш юзасидан давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар кўнглимга таскин беради. Хотира ва қадрлаш куни олдидан хонадонимизга келишгани менга куч-қувват бағишлайди.
Шу кунларда Бувайда туманидаги 12-умумтаълим мактаби ҳовлисига қаҳрамон чегарачи хотирасига бағишлаб ўрнатилган мемориал лавҳа пойи анвойи гулларга бурканмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан таълим масканида ташкил этилган хотира бурчагидаги маълумотлар, фотолавҳалар билан танишиш учун қишлоқ аҳли, Зуҳриддиннинг синфдошлари, устозлари, ёшлар, ҳарбий дўстлари мактабга тез-тез келиб туришади.
Мактабда бўлиб ўтган тадбирда Пошшопирим қишлоғида улғайган, Зуҳриддин Ғуломовнинг жасурлиги ва қаҳрамонлиги ҳақида сўз юритилди. Бундай тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини юксалтириш, миллий армиямиз сафларида хизмат қилишга қизиқишни оширишга хизмат қилади.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
Н. Юсупов олган сурат.