Мамлакатимизда ўзбек халқининг том маънодаги энг муҳим ва қутлуғ айёми - давлат мустақиллигининг 25 йиллик санаси тобора яқинлашиб келмоқда. Ушбу байрам муносабати билан хорижий давлатларнинг Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатия миссиялари раҳбарлари республикамиз босиб ўтган йўл хусусида ўзаро фикр алмашиш учун “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбирлари билан бажонудил суҳбат қурмоқдалар. Жумладан, қуйидаги суҳбатда Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳусейн Гулиев ўзбек халқига ўзининг самимий қутловларини изҳор этар экан, мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш йиллари давомида амалга оширган ишлари юзасидан билдирган мулоҳазалари ўз аксини топган.
- Ҳурматли элчи жаноблари, ҳадемай Ўзбекистонда мустақиллигимизнинг 25 йиллигини нишонланади. Юртимизда давлат ва жамият қурилиши соҳасида эришилган муваффақиятлар тўғрисидаги фикрларингизни билдирсангиз мамнун бўлар эдик...
- Мустақил тараққиёт йиллари мобайнида Ўзбекистонда кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар ҳаётга тадбиқ этилди - давлат ва хўжалик бошқаруви тизими модернизациялашди ва янгиланди, маҳаллий ҳокимият органлари қайта ташкил этилди. Ижтимоий-сиёсий тизимдаги туб ўзгаришлар муваффақиятли олиб борилгани туфайли мамлакатнинг жадал ва барқарор ривожланиши таъминланди, янги миллий давлатчилик пойдевори шаклланди, демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти асослари яратилди.
- Иқтисодий ривожланиш ҳар қандай давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Сизнинг фикрингизча, ўзбек иқтисодиётининг ўсувчанлигини қандай чора-тадбирлар таъминламоқда?
- Мустақиллик йиллари мобайнида мамлакатингиз эришган марралар энг аввало, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, либераллаштириш ва модернизациялаш, унинг тизимларини диверсификациялаш бўйича ўз вақтида бошланган вазмин, ҳар томонлама пухта ўйланган, узоқ истиқболни кўзлаган сиёсатнинг натижасидир.
Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзбек модели ўзини амалда тўла оқлади. Ҳйеч кимга сир эмаски, бугунги кунда дунёнинг кўпгина мамлакатлари Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги тажрибасини, жумладан, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларини бартараф этиш ва юмшатиш юзасидан Инқирозга қарши чоралар дастурини ўрганмоқда.
Менимча, иқтисодиётнинг турли жабҳаларига хорижий сармояларнинг кенг кўламда жалб этилиши, маҳсулот экспорти салоҳияти ва ҳажмларининг оширилиши, пухта ўйланган пул-молия сиёсати ўзбек иқтисодиётининг ўсишига муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
- Элчи жаноблари, Ўзбекистонда ижтимоий соҳани ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни қандай баҳолайсиз?
- Анъанага кўра, ҳар бир йил Ўзбекистонда муайян ижтимоий йўналишга бағишлангани ҳолда, ўша соҳани янада ривожлантириш бўйича кенг қамровли ва самарали ишлар амалга оширилади. Давлат раҳбари ташаббуси билан 2016 йил мамлакатда “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилинди. Давлат яна бир бор ўзининг кучли ижтимоий сиёсатга ҳамда “инсон - олий қадрият” ғоясига тўла содиқ эканлигини намоён қилди.
Соғлом ва аҳил оила мустаҳкам келажакнинг пойдевори эканлиги ҳисобга олинган ҳолда бу омилга ижтимоий сиёсатдаги устувор аҳамиятга эга бўлган вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Ишончим комилки, шунинг муносабати билан қабул қилинган Давлат дастури бу жабҳада янги марраларни забт этиш имконини беради.
- Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилишади. Сизнинг фикрингизча, жамиятда толерантлик муҳитининг барқарорлигига қандай омиллар ўз таъсирини кўрсатмоқда?
- Мамлакатда 130 дан зиёд миллат ва элатлар вакилларининг аҳил яшаётганининг ўзиёқ миллатлараро ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасидир. Ўзбекистон - кўп миллатли ва турли динларга эътиқод қиладиган кўпгина этник гуруҳлар ўзаро тинчлик ва бирдамликда истиқомат қиладиган мамлакат ҳисобланади.
Сифат жиҳатдан бундай даражага эришиш мамлакат раҳбариятининг инсонпарварлик ва умуминсоний қадриятлар асосида олиб бораётган миллий сиёсатининг натижасидир.
Расмий статистика маълумотларида қайд этилишича, Ўзбекистонда қарийб 40 минг озарбайжон миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар республиканинг Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё , Тошкент ва Фарғона вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида яшашади. Шуниси қувонарлики, улар Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёти, саноати, илм-фани ва маданияти ривожланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.
- Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳақидаги фикр ва баҳоларингизни ўртоқлашсангиз...
- Мустақилликка эришганидан сўнг қисқа давр ичида Ўзбекистон дунёда ўз ўрнини эгаллаб, жаҳон ҳамжамиятининг, кўпгина халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Қудратли инсоний ва ресурслар салоҳиятига эга бўлган Ўзбекистон минтақанинг марказий давлати ҳисобланадики, бирон-бир муҳим масала унинг иштирокисиз ҳал қилиниши мумкин эмас.
Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар изчил ва самарадорлик билан ривожланмоқда. Ўтган 25 йил ичида улар стратегик шерикликдек баҳоланмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига сайланиши чоғида мамлакатимизни фаол қўллаб-қувватлагани учун Озарбайжон Ўзбекистондан миннатдор. Биз, ўз томонимиздан Ўзбекистонни барча халқаро ташкилотларда ҳамиша қўллаб-қувватлаганмиз ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
- Тобора яқинлашиб келаётган қутлуғ байрам муносабати билан Ўзбекистон аҳолисига тилакларингиз...
- Ушбу ажойиб имкониятдан фойдаланиб, мустақилликнинг юбилей байрами муносабати билан қардош Ўзбекистон халқига бажонудил ўзимнинг энг эзгу, энг илиқ тилакларимни йўллайман. Келажакдаги барча ишларга чин дилимдан муваффақиятлар, бахту иқбол, тинчлик-фаровонлик, ҳар бир оилага тўкинлик ва қут-барака тилайман.