Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматовнинг ғалабаси шарафига Давлатимиз мадҳияси янграб, музаффар байроғимиз сарбаланд кўтарилди.
2016 йилнинг 14 август оқшомида миллионлаб юртдошларимиз, спорт ихлосмандларининг қалби қувончу шодликка тўлди. Шу куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг бокс бўйича вазни 49 килограммгача бўлган боксчилар беллашувида қатнашган ўзбек ўғлони Ҳасанбой Дўстматов олтин медалга сазовор бўлиб, дунёда тенгсиз эканини исботлади.
Ҳасанбой Дўстматов – истиқлол фарзанди! Бутун дунёга ўз салоҳиятини, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини намоён этган мустақил юрт ўғлони! У бокс бўйича кўплаб халқаро турнирларда, қитъа ва жаҳон чемпионатларида қатнашган. 2013 йил Қозон шаҳрида ўтган Бутунжаҳон Универсиадасида ғолиб бўлган.
Тажрибали боксчимиз XXXI ёзги Олимпиадага жиддий ҳозирлик кўрди. Германия, Россия, Қозоғистонда ўтган халқаро турнирларда ғолибликни қўлга киритди. Узоқ йиллик тинимсиз меҳнат ўз мевасини берди.
Спортчимиз мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакипов, АҚШ вакили Нико Мигель Хернандесни мағлубиятга учратиб, финалга чиқди. Олимпиада олтин медали учун кечган ҳал қилувчи баҳсда Ҳасанбой колумбиялик Юберхен Мартинесни енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Ғолиб спортчимиз шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янгради. Бу ғалаба онларини бутун халқимиз ўз ғалабасидек кутиб олди. Мадҳиямиз садолари янграганда кўкси тоғдек кўтарилиб, кўзларига қувонч ёшлари қалқди.
– Ватанимиз байроғини Олимпия ўйинларида сарбаланд кўтарганимдан жуда ҳам бахтиёрман. Менинг ғалабам – бутун Ўзбекистоннинг ғалабасидир. Биз, ёшлар, озод ва обод юртда туғилиб вояга етганлигимиздан ва халқаро майдонда Ўзбекистон номидан мусобақага чиқаётганимиздан доимо фахрланамиз, – дейди Ҳасанбой Дўстматов. – Президентимиз ёшларга қарата маррани доимо баланд олинг. Зеро, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас, ҳеч қачон кам бўлмайди, деган сўзлари қалбимизга муҳрланган. Президентимизнинг ушбу даъватлари мени ҳам доимо янги-янги марралар сари чорлайди. Олимпия ўйинларидаги олтин медалимни барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлайман.
Ҳасанбой Дўстматовнинг бу олтин медали мамлакатимиз истиқлолга эришганидан буён Олимпия ўйинларида қўлга киритилган еттинчи олтин медалдир. Ёзги Олимпиаданинг илк олтин медали ҳам айнан бокс бўйича беллашувларда қўлга киритилган эди. 2000 йил Сиднейда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида боксчимиз Муҳаммадқодир Абдуллаев ғалаба қозониб, ўзбек бокс мактаби шуҳратини юксалтирган эди.