Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида туғилган Чори Ражабов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизматни 1996 йилда бошлади. 2000 йил август ойида Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида Ватанимиз сарҳадларига бостириб кирган халқаро террорчи тўдаларни қидириш ва уларга зарба бериш ҳаракатларида фаол қатнашди.
...2000 йил 16 сентябрь. Чори Ражабов махсус гуруҳ таркибида навбатдаги разведка қидирув тадбирларини бажаришга тайинланди. Тоғли ҳудуднинг мураккаб шароитларида сафдошлари билан бирга жанговар топшириқни юксак савияда адо этишда катта лейтенант Ч.Ражабов мардларча ҳалок бўлди. Унинг эл-юрт тинч-осуда ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида кўрсатган юксак жасорати ҳеч қачон қалблардан ўчмайди, оила аъзолари доимо давлатимиз ардоғида.
Мамлакатимизда ўзининг хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ватандошларимиз хотирасини эъзозлаш, уларнинг оила аъзоларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш яхши анъанага айланган. Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ мустақиллик йилларида юртимиз хавфсизлиги, халқимизнинг тинчлик-осойишталигини ҳимоя қилишда мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларидан хабар олиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тадбирлари ўтказилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди. Ҳарбий хизматчилар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари марҳум Чори Ражабов хонадонида бўлди. Мудофаа вазири ўринбосари М.Солиев ва бошқалар Ч.Ражабовнинг оила аъзоларини байрам билан табриклади, уларга моддий ёрдам, совға-саломлар топширди.
– Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва меҳр-мурувват кўнглимизни тоғдек кўтарди, – дейди Ч.Ражабовнинг турмуш ўртоғи Замира Ҳасанова. – Ватанимизнинг кундан-кун чирой очиб, халқаро миқёсда обрў-эътибори юксалиб бораётгани, турли соҳаларда улкан марраларга эришилаётгани, халқимизнинг турмуш даражаси ва ҳаётга бўлган қараши ўзгараётгани – барча-барчаси, аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, осмонимиз мусаффолигидандир. Турмуш ўртоғим шундай шарафли касб эгаси бўлганидан фахрланамиз. Икки фарзандим билан ҳеч қайси оиладан кам бўлмай яшамоқдамиз. Қизларим мамлакатимизнинг нуфузли олий ўқув юртларида ўқийди. Бизни қадрлаган инсонларнинг ўзлари ҳам доимо элимиз ардоғида бўлсин, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин.
– Дадамдан ажралиб қолганимизда 6 ёшда эдим, – дейди катта қизи Феруза Ражабова. – Уларнинг меҳрибон, ҳамиша кулиб турадиган кўзлари, ширин сўзлари қалбимизда муҳрланиб қолган. Биз сизни ҳеч қачон унутмаймиз, дадажон!
Нурилло Насриев, ЎзА