Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловда Ислом Абдуғаниевич Каримов ғалаба қозонди
2015-11-02
2015 йил 29 март куни юртимизда улкан сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди.
2015 йил 29 март куни юртимизда улкан сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Ҳар томонлама юқори савияда, муқобиллик асосида ўтган бу сайлов мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида муҳим, ҳал қилувчи босқич бўлиб, халқимизнинг ўз кучи ва салоҳиятига бўлган ишончи нақадар мустаҳкам экани, унинг сиёсий-ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги, Ватанимиз тақдири учун дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Конституциямиз, миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари, демократик тамойиллар асосида ўтказилган ушбу сайловда сайловчиларнинг 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовга овоз берди. Бундай ёрқин ғалаба, ҳеч шубҳасиз, Ислом Каримовнинг давлат раҳбари сифатида Ўзбекистон мустақиллигини таъминлаш, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги стратегик мақсад ва вазифаларни ҳал этиш йўлидаги беқиёс хизматлари, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқимиз томонидан юксак эътироф этилгани ва якдиллик билан қўллаб-қувватланганидан далолат беради.