2005 йил 28 декабрда Бахтиёр она ҳайкали бунёд этилди
2005-12-28
Президентимиз Ислом Каримов 2005 йил 28 декабрда Мустақиллик майдонида янги барпо этилган монумент пойига илк бор гулчамбар қўйди.
Майдонда мустақиллигимизнинг дастлабки йилида қад ростлаган Мустақиллик монументи олдида фарзандини бағрига босиб, унга ишонч билан термулиб турган Бахтиёр она ҳайкали бунёд этилди. Мустақиллик ва эзгулик эгизак тушунчалардир. Халқимиз истиқлолни қанчалар улуғласа, фарзандларни ёруғ дунёга келтирган оналарни ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули, деб эъзозлайди. Онани эъзозлаш – бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Мазкур икки қадрият замирида халқимизнинг асрий интилишлари, эзгу орзу-умидлари мужассам.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлга бўлган муносабат билан белгиланган. Айниқса, аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз биз учун ибратли меросдир. Шу маънода, Мустақиллик майдони ва ундаги Бахтиёр она ҳайкали аёлларга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромимизнинг ифодасидир.