Ўзбекистон Геллап институти «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси»да 2-ўринни эгаллади
2015-12-06
АҚШда фаолият кўрсатаётган, катта обрўга эга бўлган, Геллап институти деб ном олган ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» деган мавзуда 2015 йилда ўтказилган ва эълон қилинган тадқиқот материаллари кўра Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 2-ўринни эгаллади
АҚШда фаолият кўрсатаётган, катта обрўга эга бўлган, Геллап институти деб ном олган ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» деган мавзуда 2015 йилда ўтказилган ва эълон қилинган тадқиқот материаллари билан танишиш асносида ушбу нуфузли ташкилот шу йўналиш бўйича ўз хулосасини чиқариш учун жаҳон миқёсида 141 та мамлакатда сўров ўтказиб, катта ёшдаги 142 минг шахснинг фикрини ўрганган маълум бўлади. Сўровномада 3 та савол ўртага қўйилган. Биринчи савол «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки тумандаги маҳаллий полицияга ишонасизми?» деган мазмунда берилган. Иккинчи савол: «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки туманда кечаси хавф-хатардан қўрқмасдан ёлғиз юра оласизми?». Ва учинчидан, «Охирги ўн икки ойда сиз ва оила аъзоларингизнинг пул ва мол-мулки ўғирланган ҳолат содир бўлганми?» деган савол берилган. Айни мана шундай саволлар орқали, авваламбор, сўров ўтказилган мамлакатда яшаётган ҳар қайси одамнинг кайфиятига, унинг ўзини эркин ҳис этишига қонунда белгиланган тартибларга амал қилиш қандай таъсир кўрсатаётганини аниқлаш кўзда тутилган. Бизнинг мамлакатимиз, Ўзбекистонимиз, бу сўровнома натижаларига кўра, дунёдаги 141 та давлат орасида 2-ўринни эгаллаганини алоҳида мамнуният билан таъкидлаш лозим. Бизнинг бундай ўта муҳим масала, яъни юртимизда тинч ва осуда ҳаётни асраш ва ҳимоя қилиш бўйича мана шундай юксак даражага кўтарилганимиз, бу соҳада олиб бораётган ишларимиз халқаро миқёсда кенг эътироф этилгани, ҳеч шубҳасиз, барчамизга ғурур ва ифтихор етказади.