Ўзбек кураши Осиё ўйинларида
2015-09-16
Халқимизнинг миллий спорт тури – кураш 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилди. Бу ҳақда Осиё олимпия кенгашининг Ашхобод шаҳрида ўтказилган навбатдаги Бош ассамблеясида эълон қилинди.
Халқимизнинг миллий спорт тури – кураш 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилди. Бу ҳақда Осиё олимпия кенгашининг Ашхобод шаҳрида ўтказилган навбатдаги Бош ассамблеясида эълон қилинди.
Осиё олимпия кенгаши томонидан ҳар тўрт йилда ташкил этиладиган ва қитъа олимпиадаси сифатида эътироф этилган ёзги Осиё ўйинлари нуфузи ва аҳамияти жиҳатидан Олимпия ўйинларидан кейинги муҳим мусобақадир. Унда қитъамизнинг деярли барча мамлакатларидан минглаб спортчилар иштирок этади. Шу боис мазкур ўйинлар дастуридан жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга, барча қитъаларида ривожланиб бораётган спорт турлари жой олади.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий анъаналаримизни қадрлаш ва рағбатлантириш, халқимизнинг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини намойиш этишнинг муҳим омилларидан бири сифатида ўзбек кураши тобора равнақ топаётир.
Уч минг йиллик тарихга эга ўзбек кураши мустақиллик йилларида янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг 1999 йил 1 февралдаги “Халқаро Кураш ассоциациясини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони миллий спортимиз ривожида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун дунёнинг барча қитъаларида кураш кенг оммалашмоқда. Осиё, Европа, Панамерика, Африка ва Океания кураш конфедерациялари таркибига бирлашган юз йигирмадан ортиқ давлатда кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юксак савияда ташкил этилаётир.
Инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган ўзбек кураши адолатли тартиб-қоидалари, чиройли усуллари билан жаҳон халқларининг ҳурматига сазовор бўлаётир.
Буларнинг бари ўзбек кураши умуминсоний қадрият сифатида Олимпия ўйинлари сафидан муносиб ўрин олишга ҳақли эканлигининг тасдиғидир. Курашнинг XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилиши бу йўналишда қўйилган залворли қадам бўлди.
– Бугун Кураш халқаро ассоциацияси ва ушбу спорт турининг ихлосмандлари учун тарихий кун, – деди Осиё кураш конфедерацияси президенти, Осиё олимпия кенгаши Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон. – Курашнинг XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилиши мазкур спорт турини нафақат Осиёда, балки бутун дунёда янада тараққий эттириш ва кенг оммалаштиришда янги даврни бошлаб беради.
Кураш халқаро ассоциацияси расмий веб-сайти – kurash-ika.org сайтида маълум қилинишича, Индонезияда ўтадиган Осиё ўйинларида кураш бўйича 15 медаллар жамланмаси ўйналади. Эркаклар етти, хотин-қизлар саккиз вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашади.
Энди кураш бирйўла учта нуфузли мусобақа – 2016 йили Вьетнамда ўтадиган Осиё соҳил ўйинлари, 2017 йили Туркманистонда бўладиган ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича Осиё ўйинлари ҳамда 2018 йили Индонезия мезбонлик қиладиган ёзги Осиё ўйинлари дастуридан жой олди.