2007 йил - Ислом маданияти пойтахти
2007-08-01
Ислом конференцияси ташкилоти (ОИК) таркибидаги муассасалардан бири — Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти (ИСЕСCО) Тошкентни 2007 йилда Ислом маданиятининг пойтахти, деб эълон қилди. Бутун Осиё қитъасининг вакили бўлган Тошкент билан бир қаторда араб дунёсидан Фес (Марокаш) ва Триполи (Ливия) шаҳарлари, шунингдек, Африка қитъасидан Сенегал пойтахти — Дакар шаҳарлари ҳам Ислом маданиятининг пойтахтлари, деб эълон қилинди.
Ўзбекистоннинг ислом маданияти ва илми олдидаги, ислом мероси ва ёдгорликларини асраш ва янада бойитиш борасидаги мислсиз хизматлари учун Тошкент шундай юксак ва фахрли унвонга сазовор бўлди. Ҳақиқатан ҳам, мустақил Ўзбекистоннинг пойтахти мусулмон дунёсида ўзига хослиги, маҳобатли мадраса ва масжидларининг бинолари, минглаб нодир қўлёзмаларга бой бўлган кутубхоналари, ислом уйғониши даврининг буюк усталари, аллома ва меъморлари ижодига мансуб намуналари кўз қорачиғидай авайлаб-асралаётган музейлари билан бутун дунёдан келаётган меҳмонларини ҳайратга солади. Тошкентда Имом ал-Бухорий номли Тошкент ислом институти, Кўкалдош номидаги мадраса ва Президент И. Каримов ташаббуси билан барпо этилган Тошкент ислом университети фаолият кўрсатмоқда. Бу таълим муассасалари диний уламолар, диншунослар, ислом ҳуқуқи ва манбашунослик, жаҳон иқтисодиёти ва информатика мутахассисларини тайёрлайди. Ўз йўналиши бўйича МДҲ ҳудудидаги ягона олий ўқув юрти бўлган Тошкент ислом университетида жуда кўп мароталаб дин ва сиёсат, бағрикенглик ҳамда замонавий дунёда тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг долзарб мавзуларига бағишланган халқаро конференциялар, семинар ва давра суҳбатлари бўлиб ўтган.
Жаҳондаги минглаб шаҳарлар орасидан айнан Тошкент 2007 йилда Ислом маданиятининг умумжаҳон пойтахти, деб танланди. Тошкент номзодининг танланишида ИСЕСCО биринчи галда республика раҳбариятининг ўзбек халқи маданий ва маънавий қадриятларини қайта тиклашга йўналтирилган сиёсати, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ислом цивилиза¬ция¬си ёдгорликларини ҳимоя қилиш ва кўз қорачиғидай асраш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар эътиборга олинди.
Шунингдек, ИСЕСCОнинг бундай тўхтамга келиши Осиё қитъасидаги энг кўҳна шаҳарлардан бири — бой маданиятга эга бўлган Тошкентнинг дунё тараққиёти тарихида алоҳида ўрин тутиши билан изоҳланади.